Oylik Arxiv: Октябрь 2020

ЗАМОНАВИЙ ҲИСОБЛАГИЧЛАРНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

Ҳурматли электр энергияси истеъмолчилари!

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан хонадонларга ўрнатилаётган “ақлли ҳисоблагичлар”ни ишлаш даврида, шунингдек, носозлик вужудга келганда эътибор бериладиган жиҳатлар ҳамда ҳисоб рақам ҳақида маълумотлар олиш ва шу каби кўпгина маълумотларга эга бўлишингиз учун махсус йўриқномаларни яна бир бор эслатиб ўтади.

Ушбу йўриқномалар мамлакатимиз бўйлаб ўрнатилаётган уч турдаги ҳисоблагичлар учун тайёрланган.

«ELEKTRON XISOBLAGICH ” ҚК МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган ҳисоблагичини қўллаш бўйича махсус йўриқнома.

“KAIFA” русумли ҳисоблагични қўллаш бўйича махсус йўриқнома.

 

“ТОШЭЛЕКТРОАППАРАТ” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган ҳисоблагичини қўллаш бўйича махсус йўриқнома.

Давлат дастури бўйича бажарилаётган ишлардан намуналар

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларда паст кучланишли тармоқларни янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги ПҚ-2661-сонли қарорига асосан, Жиззах вилояти бўйлаб куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда электр тармоқларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, Электр тармоқларини қуриш ва ривожлантириш хизмати томонидан Жиззах шаҳар, «Жилли-гулли» МФЙ ҳудудидаги аҳоли хонадонларини сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида темир-бетон таянчлар ўрнатилиб, 0,4 кВли ҳаво тармоқлари учун замонавий СИП русумли изоляцион кабель тортиш ишлари амалга оширилди.

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Матбуот хизмати

 

Автоматлаштирилган тизим – энергетика соҳаси шаффофлиги учун энг мақбул йўл

Жиззах вилоятида электр тармоқларига уланган истеъмолчиларда «Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими»ни жорий этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Лойиҳанинг илк босқичи Осиё Таракқиёт банки томонидан молиялаштирилиб, унга 150 миллион АҚШ доллар маблағ ажратилган. Лойиҳа Корея Республикасининг «KT Corporation» компанияси билан ҳамкорликда Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида амалга оширилмоқда. Шундан Жиззах вилояти учун ажратилган маблағ 13,2 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Жорий йилнинг 24 октябрь куни «Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими»ни жорий этиш бўйича Ғаллаорол туман электр таъминоти корхонасида ўқув-семинари ўтказилди.

Семинарда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги «Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштириш маркази» директори ўринбосарлари Равшан Мирсолихов ва Диёр Нишонов, «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖдан техник ва молия масалалари бўйича директорлар, шаҳар ва барча туман электр таъминоти корхоналари бош муҳандислари, тизимни жорий этиш бўйича мутахассислар ҳамда катта усталар иштирок этишдилар.

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Матбуот хизмати

ҲАР БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДА

Жорий йилнинг 12 октябрь куни «Менинг юртим» телеканали «Марказий студия»сида Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Шариллоқ маҳалласида ичимлик суви ва электрсимёғочлар муаммоси борлиги танқид қилинган.

Ушбу мурожаат «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан жойига бориб ўрганиб чиқилди.

Ш.Рашидов тумани, Шариллоқ МФЙ (ПМК-2), Чорвадор кўчасидаги 309-250 кВАнинг юкламасини енгиллаштириш учун қўшимча 1 дона 250 кВА трансформатор пунктини ўрнатиш ва ўрнатиладиган трансформатор пунктига 1,4 км 10 кВ — 0,4 кВли ҳаво тармоқларини қуриш 2021 йил дастурига киритилди. Ушбу ишлар келгуси йилнинг III- чорагида амалга оширилади.

Жорий йилнинг сентябрь ойида ижтимоий тармоқларда Арнасой тумани, «Чўлқувар» МФЙ ҳудудидаги аҳоли томонидан симёғочларни алмаштириш юзасидан мурожаат эълон қилинган.

Мурожаат бўйича Арнасой туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан 8 дона темир-бетон таянчлари ўрнатилиб, 0,4 км ҳаво тармоқлари қуриш ишлари амалга оширилган ҳамда аҳоли хонадонлари тармоққа улаб берилган. Бу билан хонадон истеъмолчиларига сифатли электр энергияси етказиб берилди.

ОНА ТИЛИМИЗГА ЭХТИРОМ ВА САДОКАТ

Тил – миллат таянчи. Миллат онги, руҳи ўсиши билан тил ҳам ўсади, томир отади, гуркирайди. Ва аксинча ҳолат юз берганда, нур сочиб турган манзиллар ҳам саробга айланиб, оқибат, йўқликка юз тутади. Инсоният тарихида бунга мисоллар кўп.

Биз кундалик ютуқ, қусурларимиз кўлами, чегарасини ўзимизча белгилаймиз. Чунки бу биргина ўзимизга, нари борса, оиламизга тегишли бўлган ўта хусусий масала. Аммо она тилимиз ҳақида гап кетганда, дўппини бошдан олиб, орқа-олдимизга қараб, кейин сўз айтишга чоғланамиз. Чунки она тили – бу миллат тили, хусусийлик доирасидан ташқаридаги умуммиллий ҳодиса. У бутун бошли бир халққа, миллатга тегишли.

Ана шундай бебаҳо бойлик, неъмат бўлган тил ҳам барча тирик мавжудот каби парваришга, кези келганда, ҳимояга ҳам муҳтож бўлади.

Мана, ҳадемай, она тилимизга давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлади. Ана шу 31 йил бурун қабул қилинган муҳим қарор халқимиз руҳиятини уйғотди, бизга мустақиллик эшикларини очди. Мустақиллик, ўз навбатида, тилимизга бўлган эътиборни янада кучайтирди. Бирин-кетин ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган қонун ва қарорлар қабул қилинди. Бу жараён охирги икки-уч йил ичида янада жонланиб кетди.

Шукрки, тилимиз бугун майда-чуйда қусурлардан қутулиб, тобора қаддини тиклаб, боболаримиз орзу қилган мавқега кўтарилиб бормоқда. Президентимиз ташаббуси билан бу йил 21 октябрь санаси юртимизда Ўзбек тили байрами куни – миллий байрам сифатида кенг нишонланади. Бу байрам ҳам худди мустақиллик байрамидек халқимизнинг энг қутлуғ айёми бўлиб қолишига шубҳа йўқ.

Президентимиз таъбири билан айтганда: «Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим», бўлади.

Тилимиз софлиги, унинг юксалиши учун кураш доимий жараён бўлиб, Маҳмуд Кошғарий замонидан ҳам бурун бошланган ва то шу кунимизгача давом этиб келмоқда.

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»АЖ Матбуот хизмати

 

1 2