Ғаллаорол нимстанция гуруҳида умумий йиғилиш

ЎТКАЗИЛДИ

2020 йил барча турдаги касаба уюшмаларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари, конференциялари ўтказиладиган йил.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 2 март куни Ғаллаорол нимстанция гуруҳ цех касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилди.

Унда 41 нафар жамоа аъзолари иштирок этди.

Цех касаба уюшма ташкилоти раиси Ҳ.Мўминов 2015 йил март ойидан 2020 йил март ойигача бўлган фаолияти тўғрисидаги ҳисобот берди.

Касаба уюшма қўмитаси ҳисобидан «Наврўз» умумхалқ байрами, «Мустақиллик» байрами, касб байрами «Нурчилар куни»ни нишонлашга 8.647.000 сўм маблағ сарфланди.

Бундан ташқари 2015 йил Тошкент шаҳрига 2 нафар, 2017-2018 йиллар Самарқанд шаҳрига 4 нафар жами 6 нафар ходимларимиз туристик саёҳатларда қатнашган.

«Ўзэлектртармоқлари» унитар корхонасига қарашли «Нурафшон» сиҳатгоҳида 4 нафар ходимларимиз ва уларнинг оила аъзолари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги «Санатор-курортлар» бошқармасига тегишли республикамизнинг турли жойларида жойлашган бошқа санаторияларда 7 нафар ходимларимиз ва уларнинг оила аъзолари ўз соғликларини тиклаб келишдилар. Бу мақсадлар учун 14.739.600 сўмга яқин маблағ сарфланди.

Оилавий шароити оғир, кам таъминланган, вафот этганда, уйланганда ёки турмушга чиққанда, даволанганда 2015-2019 йиллар давомида 16 нафар ходимга 9.713.527 сўм моддий ёрдам кўрсатилди.

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти томонидан жамоа шартномасига асосан 50-60 юбилей ёшларига тўлганларида қимматбаҳо совға харид қилишлари учун 3 нафар ходимга 4.149.600 сўм маблағ ажратилди.

2015-2019 йилларда касаба уюшма қўмитаси томонидан 7 нафар ходимларимизга фарзандлари учун 826.600 сўмлик 15 турдаги мактаб ўқув-қуроллари моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли равишда бепул берилди. Бундан ташқари касаба уюшма қўмитаси томонидан 2017-2019 йиллар давомида янги йил арафасида фарзандларимиз учун 162 дона янги йил совғалари берилди. Бу мақсадлар учун эса 9.813.040 сўм маблағ сарфланди.

Музокараларда сўзга чиққанлар томонидан цех касаба уюшма ташкилотининг 2015 йил март ойидан 2020 йил март ойигача бўлган фаолиятини қониқарли деб топиш ҳақида таклиф киритилди.

Таклиф овозга қўйилди ва цех касаба уюшма ташкилотининг 2015 йил март ойидан 2020 йил март ойигача бўлган фаолияти бир овоздан қониқарли деб топилди. Овоз бериш натижаларига кўра қарор бир овоздан тўлалигича қабул қилинди.

Делегатлар томонидан касаба уюшма қўмитасини 3 кишидан иборат таркибда сайлаш таклифи киритилди ва бир овоздан қабул қилинди. Цех касаба уюшма ташкилотининг раиси этиб Мўминов Ҳусан сайланди.

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференциясига делегат этиб 2 киши бир овоздан этиб сайланди.

Кун тартибидаги масалаларнинг барчаси кўриб чиқилганлиги ҳамда муҳокама этилганлиги боис ҳисобот-сайлов йиғилиши ёпиқ деб эълон қилинди.

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Матбуот хизмати