Коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича кучайтирилган

чора-тадбирлар амалга оширилмоқда

 

Коронавирус пандемияси бутун инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир. Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, биз бу касалликни, албатта, енгамиз!

Уйда қолинг!

Умуман олганда, Ўзбекистонда 15.03.2020 – 28.04.2020 йил (10:00) ҳолатига коронавирус (COVID-19) билан оғриган жами беморлар — 1924 нафар, айни пайтда даволанишда — 1024 нафар, тузалганлар — 892 нафар, вафот этганлар — 8 нафарни ташкил қилмоқда.

27 апрель куни Жиззахда коронавирусга чалинган 33 ёшли ва 31 ёшли беморлар ҳам бутунлай соғайди. Аввалроқ вилоятда 1 нафар фуқаро соғайиб чиққан эди. Эндиликда ушбу икки нафар билан вилоятдаги коронавирусга чалинган барча беморлар тўлиқ соғайиб чиқишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969-сонли «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони чиқарилди.

Фармонга асосан юртимизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича кучайтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги ҳомийлик ҳайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди.

2-25 апрель кунлари Республика бўйича CALL-ЦЕНТРга ва маҳаллаларга тушган 271 344 та мурожаатлар асосида 262 559 та оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Тарқатилган озиқ-овқат маҳсулотларининг тахминий суммаси 29 635 млрд сўм.

«Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати – юртга мададкор!

Ҳамюртларимиз бугунги синовли кунларда ўзаро жипслашиб, муҳтожларга меҳр-саховат билан ёрдам кўрсатиб ўзининг олийжаноб фазилатларини намоён этмоқда. Республикамиз бўйлаб барча тадбиркорлар «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатига бирлашиб ўз ҳудудларидаги оилаларни қўллаб-қувватлашга бел боғлашгани давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқимизнинг қудратини ва бирдамлигини кўрсатиб бермоқда.

Мазкур эзгу ташаббус йўлида бирлашаётган ёш тадбиркорларимизни синовли кунларда меҳр-саховат, ҳиммат каби юксак фазилатлари билан халқимизга мададкор бўлаётганлигини юксак эътироф этиб, савобли ишларида куч-ғайрат тилаймиз!

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»акциядорлик жамияти, Капитал қурилиш бўлими бошлиғи Қудратов Абдуазим Нарматович ҳам шулар жумласидан.

Абдуазим ака 120 кг қўй гўшти ва 2 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаб, Бахмал туманининг Оқтош, Ўсмат, Қутлуғобод ва Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинларида яшаётган 60 та кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга Бахмал тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда тарқатди.

Биз ҳурматли Абдуазим акага вилоятимиз аҳолисини номидан миннатдорчилик билдирамиз.

Жиззах вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси

Коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича берилаётган тавсиялар ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишингизни сўраймиз.

 

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»акциядорлик жамияти

Матбуот хизмати