МУРОЖААТ ЎРГАНИЛДИ, МУАММО ҲАЛ ЭТИЛДИ.

Жорий йилнинг июнь ойида ижтимоий тармоқларда «Фермерлар: энди чигиртка офатини енгдик десак, электр муаммоси чиқди» — деган мазмундаги мақола берилган.

Жиззах вилояти Фориш тумани, Тўлибой қишлоғидаги фермер ва деҳқон хўжаликларидан ёзмоқдамиз. Ҳудудимизга чигиртка балоси келиб, экинларимизни еб битирди. Намангандан келиб ишлаётган деҳқонларнинг аксари қайта экишга пул тополмай қайтиб кетишди. Амал-тақал қилиб экинларни қайта экдик. Чигиртка балосидан қутулдек десак, электр муаммоси чиқди. Электр қуввати пастлиги сабаб насослар ишламай, экинларимиз қуриб қоляпти. Билишимизча, айрим корхоналар электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олган. Мутасаддилардан электр муаммосини ҳал қилиб беришларини сўраймиз. Экинларимиз бу гал ҳам қуриб қолса, хонавайрон бўламиз!

Ушбу мурожаат «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.

Ҳақиқатдан ҳам Фориш тумани, Тўлибой ҚФЙ ҳудудидаги фермер хўжаликлари 35/10 кВли нимстанциясидан чиқувчи 10 кВли «Тўлибой» тармоғидан электр энергияси билан таъминланган бўлиб,  ҳозирги кунда суғориш насослари сони кўпайганлиги сабабли тармоқ ўта юкланиш билан ишлаши натижасида истеъмолчиларда кучланиш камайиб кетган.

Ушбу тармоқнинг юкламасини камайтириш учун Тўлибой тармоғини бир қисмини «Олмалиқ КМК» АЖ балансида бўлган 110/35/10 кВли «Уч-қулоч» нимстанциясидан чиқувчи 10 кВли тармоқга улаш жорий йилнинг 24 июнь куни ҳал этилди.

Бугун 25 июнь куни Жиззах нимстанция хизмати бригадаси тармоққа улаш бўйича ишни бошлади. 2-3 кунда иш якунига етказилади.

Юзага келган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз.