Korxona tarixi

«ЖИЗЗАХ ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ КОРХОНАСИ»

АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ

ТАРИХИ

«Жиззах вилоят электр тармоқлари» корхонаси 1974 йил 7 январда ташкил килинди. Гарчи корхона 1974 йилда ташкил қилинган бўлсада, шу давргача қисқача ўз тарихига эга эди. Келинг, бир оз ортга чекиниб тарихга назар ташлайлик. 1960 йилгача Жиззах шаҳрида бор йўғи 2 дона электр энергияси ишлаб чиқариш манбаи бор эди. Биринчиси бу Сангзор дарёсига Жилли гулли қишлоғида қурилган қуввати 780 кВт бўлган гидроэлектростанция ва иккинчиси темир йўл вокзалидаги ўрнатилган дизелнинг қуввати 500 кВтни ташкил қиларди. Табиийки бу қувватлар тез ривожланиб бораётган вилоятимиз учун камлик қиларди.

1961 йилда 220/110/10 кВли «Жиззах» нимстанцияси ишга тушиши Жиззах вилоятида электр энергияси тақчиллигига барҳам берди. Ҳар бири 63000 кВАлик 2 дона трансформатор ўша даврда катта қувват ҳисобланарди. Бу қувватдан фойдаланиш учун бирин-кетин 110 кВли, 35 кВли электр узатиш тармоқлари ва нимстанциялар қурила бошлади.

1970 – 1972 йилларга келиб қишлоқ хўжалигини ялпи электрлаштириш дастури асосида иш олиб борилиб, ҳудудимизнинг энг чекка қишлоқларига ҳам электр энергияси етиб борди, деб сўзимизни қисқагина қилиб якунласак адолатсизлик бўларди, чунки бу даврларда жуда ҳам катта кўламда ишлар амалга оширилди. Пудратчи ташкилотларга йил давомида 400-500 км янги 0,4-10 кВ ҳаво тармоқлари қуришни режалаштирган бўлиб, жисмонан улгиришмасди. Корхона ходимларидан ҳам кўнгиллилар хизмат сафарига бориб, ялпи электрлаштиришга қатнашдилар. Уларни сайи ҳаракатлари билан 1972 йил ёппасига электрлаштириш якунланди.

1973 йили халқ хўжалиги ва саноатни ривожлантириш мақсадида Сирдарё вилоятидан алоҳида ажралган ҳолда Жиззах вилояти ташкил топди. Самарқанд вилоятидан ҳам 2 та туман, яъни Ғаллаорол ва Бахмал туманлари Жиззах вилоятига қўшиб олинди. Янги вилоятни ривожланишини ва ўсишини электр энергиясиз тасаввур қилиб бўлмасди. Ушбу мақсад йўлида юқорида айтганимиздек шу йилнинг ўзида Жиззах вилоят электр тармоқлари корхонаси ташкил қилинди. Вилоят янги ташкил топгани сабабли янги кадрларни топиш долзарб масалалардан бири эди. Чунки ҳамма ишни янгидан ташкил қилиш учун ғайратли, билимдон раҳбарни топиш керак эди. Шу пайтда Жиззах туман электр тармоқларида (ҳозир Шароф Рашидов туман электр таъминоти корхонаси) бошлиқ вазифасида ишлаб келаётган Нарзуллаев Омонгелди Нарзуллаевич 32 ёшда бўлишига қарамай кўпчиликнинг ҳурматини қозонган раҳбарлардан бири эди. Корхонага биринчи раҳбар этиб О.Нарзуллаевни тайинланиши жамоанинг ютуғи бўлди. 1973 йилдан 2002 йилгача қарийб 28 йил у корхонани бошқарди ва улкан ютуқларга эришди.

Корхона ташкил топиш арафасида Жиззах, Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Фориш ва Зарбдордан иборат 6 та туман электр тармоқларини ўзига бирлаштирган эди. Корхона ташкил бўлганда 1 дона 220 кВли, 5 дона 110 кВли, 12 дона 35 кВли нимстанциялар ва 967 дона 10/0,4 кВли трансформатор пунктларга ҳамда уларни таъминлаб турган электр узатиш тармоқларига хизмат кўрсатиларди. Энди ушбу электр ускуналарни бир маъромда ишлаши учун бўлим ва хизматларни ташкил қилиш ҳамда уларни бошқариш учун билимдон ва ўқимишли бош муҳандисни топиш керак эди. Сирдарё электр тармоқлари корхонасида изоляция хизматида ишлаб келган Утянский Леонид Михайлович ушбу лавозимга лойиқ деб топилди. Шахсан Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Хамидов Азиз Хакимович Л.Утянскийни жамоага таништирди. Шу кундан бошлаб Омонгелди Нарзуллаевич ва Леонид Михайлович елкама-елка ишлашни бошлашди. Леонид Михайлович ҳам тезда ишга киришиб бор билим ва салоҳиятини бу йўлда аямади. У Вилоятимизда электр танқислиги бўлмаслиги учун доимо изланди, корхонада ўтирмас, туманларни кезиб қаерга 110 кВли, қаерга 35 кВли нимстанцияларни жойлаштириш кераклигини режалаштирар эди. Бирин-кетин нимстанциялар, уларни электр энергия билан таъминловчи тармоқлар қад ростлай бошлади.

Янги корхонага янги бино зарур эди. О.Нарзуллаев асли Фориш туманини тоғли қишлоқларида вояга етгани учун тоғ об-ҳавосини яхши кўриб, Жиззах шаҳридаги етимтоғ яқинидан жой ажратилишини сўраб вилоят раҳбарларига мурожаат қилади ва ўз мақсадига эришади. 1976 йилда 9-сонли қурилиш трести қурилишни бошлаб юборди. Корхона биноси учун ажратилган ерлар нотекис ва тоғ жинсларига тўла эди. Ерларни текислаш учун портлатиш ишларини олиб боришга тўғри келди.

Жиззах электр тармоқлари корхонасида қурилиш ишлари жадаллашиб кетди. Бир томондан янги-янги нимстанциялар, тармоқлар, бир томондан корхона янги биносини қурилиши. Бу ишларни бошқариш учун қурилишни яхши биладиган мутахассис керак эди. Омонгелди Нарзуллаевич Сирдарё электр тармоқлари корхонасида шу соҳада ишлаб келаётган Тен Анатолий Филиппович билан боғланиб, уни Жиззах электр тармоқлари корхонасида ишлашга кўндиради. Тен А.Ф. 1977 йил 7 октябрдан қурилиш бўйича директор ўринбосари лавозимида иш бошлайди. Шуни айтиш жоизки, Тен А.Ф. 2011 йилнинг 5 октябрига қадар (72 ёшида ҳам) биз билан бирга елкама елка ишлаган.

Корхонани янги биносини қурилиши яна жадаллашди. Корхона жамоаси пудратчи қурувчиларга қараб ўтирмай ўзлари ҳам кўкаламзорлаштириш ишларини ҳашар йўли билан бажаришди. Дарахт кўчатлари ўтказилди, чимлар олиб келиб бостирилди. Сув муаммоси қийин кечарди, чунки бино тепаликда жойлашган сув босими паст эди ва фақат куз-қиш ойларида сув келарди. Сувни сиғимларда олиб келиниб дарахтлар суғорилди.

1979 йилнинг декабрь ойида жамоа янги бинога кўчиб ўтди ва 22 декабрь энергетикларнинг «Нурчилар куни» касб байрамини янги бинода нишонлади.

1977 йил Жиззах туман электр тармоқлари 2 га бўлиниб алоҳида Жиззах туман ва Жиззах шаҳар электр тармоқлари ташкил қилинди. 1980 йилга келиб юқоридаги ТЭТлар қаторига Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туман электр тармоқлари қўшилди. Бу пайтга келиб корхона 2 дона 220 кВли, 12 дона 110 кВли, 29 дона 35 кВли нимстанциялар ва 1500 дона 10/0,4 кВли трансформатор пунктларига хизмат кўрсатар эди.

Йилига 7-8 донадан 35-110 кВли нимстанциялар қуриларди. 1980 йил 220/110 кВ Сарибозор нимстанциясини қуриб, ишга тушириш керак эди. Ҳамма ишлар бир маромда кетарди. Запорожье шаҳрига бориб 63000 кВАлик трансформаторга буюртма берилди. Трансформатор темир йўл орқали Жиззах вилояти, Ғаллаорол разъездига келтирилди. У ердан Сарибозор нимстанцияга трайлерда олиб келиш режалаштирилди. Бироқ шу ерда муаммо чиқди, йўлда Сангзор дарёсига қўйилган кўприкдан ўтишга тўғри келади. Тошкентдаги кўприкни лойиҳалаштирган институт билан гаплашганда унинг юк кўтариш қобилияти трайлернинг битта ўқига (мостига) 26 тонна тўғри келишини айтишди. Трансформаторнинг оғирлиги 108 тонна бўлгани учун трайлернинг битта ўқига 27 тонна тўғри келиши ва қўшимча таянчлар қўйишни институт мутахассислари маслаҳат берадилар. Лекин қўшимча таянчлар қўйиш 3-4 кунда битадиган иш эмасди. Тен А. Ф., Примқулов А. ва бош муҳандис Ражабов А.ларни боши қотганди, нима қилиш керак? Агар кўприк дош бермаса фақат трансформатор йўқотилмайди, давлат аҳамиятидаги Тошкент-Термиз автомобиль йўли ишдан чиқади ҳамда трайлерни бошқараётган инсонлар ҳаёти ҳам хавф остида қолади. Бунинг учун уларни нима кутаётгани билишарди. Анатолий Филиппович шерикларига: битта йўли қолди, шу кўприкка бориб турамиз, агар трайлер яхши ўтиб кетса, биз ҳам омон қоламиз, агар ўтмаса биз ҳам биргаликда жарликка қулаймиз, иш чаппасига кетса барибир бизни соғ қўйишмайди, — деди. А.Примқулов ҳам А.Ражабов уни маъқуллашди. Учовлон кўприкка келиб туришди. Трайлер кўприкка яқинлашган сари юракларнинг уриши тезлашарди. Трайлер кўприкка етганда олдиндан келишгандек ўзининг максимал тезлигини оширди ва кўприк устидан 108 тонна юки билан ўтиб кетди. Ҳаммалари ёш болалардек хурсандчиликдан сакрашарди. Сарибозор нимстанцияси 1980 йил ўз вақтида ишга туширилди.

1982 йилга келиб яна 2 та Арнасой ва Зафаробод туман электр тармоқлари ташкил топди ва энди корхона бу вақтга келиб 2 дона 220 кВли, 16 дона 110 кВли, 38 дона 35 кВли нимстанциялар ва 1719 дона 10/0,4 кВли ТПларга хизмат кўрсата бошлади.

1999 йилда Янгиобод тумани ташкил қилиниши муносабати билан Янгиобод туман электр тармоқлари ташкил топди ва «Жиззахэлектртармоқлари» сафига қўшилди. Натижада корхона 12 та туман электр тармоқлари ва 1 та шаҳар электр тармоқларидан иборат бўлди. 2 дона 220 кВли, 24 дона 110 кВли, 72 дона 35 кВли нимстанциялар ва 2838 дона 10/0,4 кВли ТП, 160 км 500 кВли ҳаво тармоқларига, 254,8 км 220 кВли ҳаво тармоқларига, 684,0 км 110 кВли ҳаво тармоқларига, 1312,7 км 35 кВли ҳаво тармоқларига, 6168,0 км 6-10 кВли ҳаво тармоқларига, 4410,2 км 0,4 кВли ҳаво тармоқларига, 138,45 км 10 кВли кабел тармоқларига, 76 км 0,4 кВли кабел тармоқларига хизмат кўрсата бошлади.

2001 йилда энергетика тармоғи корхоналарини монополиядан чиқариш, электр энергетикаси тизимида бошқаришни ташкил этишни такомиллаштириш, электр энергетика корхоналарини ривожлантириш, техника билан қайта жиҳозлаш ва замонавийлаштириш учун инвестицияларни, шу жумладан хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида корхона структураси ўрганиб чиқилиб, Жиззах электр тармоқлари корхонаси 2га бўлинди ва «Жиззах электр тармоқлари» шўъба корхонаси ва Жиззах магистрал электр тармоқлари корхонаси деб юритила бошлади. 35-110-220 кВли нимстанциялар ва электр узатиш тармоқлари Жиззах магистрал электр тармоқлари корхонаси балансига ўтказилди. «Жиззах электр тармоқлари» шўъба корхонаси 4423 км 0,4 кВли, 6177 км 10 кВли электр узатиш ҳаво тармоқлари ва 137,26 км 10 кВли, 64,16 км 0,4 кВли кабел тармоқларига ва 2642 дона 10/0,4 ТПга хизмат кўрсата бошлади.

2001 йилда яна бир қувончли воқеа юз берди. Бутунжаҳон энергетикларининг Францияда бўлиб ўтган форумида Омонгелди Нарзуллаевични 25 йилдан ортиқ вақт бир жойда корхонани бошқаргани ва катта ютуқларга эришгани муносиб баҳоланди ва олтин юлдуз билан тақдирланди.

2002 йил 17 апрелда Жиззах шаҳар ҳокимлигининг 71 сонли буйруғига асосан «Жиззах электр тармоқлари» шўъба корхонаси «Жиззах электр тармоқлари» ОАЖ (Очиқ акциядорлик жамияти)га айлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 21 июндаги 290- сонли қарорига асосан Жиззах магистрал электр тармоқларидан 876,79 км 110 кВли, 1291,69 км 35 кВли электр узатиш ҳаво тармоғи, 27 дона 110 кВли, 73 дона 35 кВли нимстанциялар «Жиззах электр тармоқлари» ОАЖ балансига хизмат кўрсатиш учун ўтказилди.

Ҳозирга келиб жамиятимиз 26 дона 110 кВли, 75 дона 35 кВли нимстанциялар ва 2647 дона 10/0,4 кВли ТП, 1037,44 км 110 кВли ҳаво тармоқларига, 1297,09 км 35 кВли ҳаво тармоқларига, 6186,24 км 6-10 кВли ҳаво тармоқларига, 4510,81 км 0,4 кВли ҳаво тармоқларига, 133,9 км 10 кВли кабел тармоқларига, 64,1 км 0,4 кВли кабел тармоқларига хизмат кўрсатади.

Жамиятимизда жорий йилнинг 1 август ҳолатига 1500 нафар ходимлар меҳнат қилиб келишмоқда. Шундан 484 нафари олий маълумотли, 606 нафари ўрта-махсус маълумотлилардир.

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Матбуот хизмати