Oylik Arxiv: Июль 2021

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти томонидан «хуфиёна иқтисодни» қисқартириш ва «коррупцияга қарши мувофиқлик тизими»га бағишланган йиғилиш семинари ўтказилди

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти, Ш.Рашидов тумани ҳокимлиги, прокуротура ва ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда бугун Ш.Рашидов туман электр таъминоти корхонасида ходимлар иштирокида коррупцияни олдини олиш, қонун бузилишларини, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда «хуфиёна иқтисодни» қисқартириш ва «коррупцияга қарши мувофиқлик тизими» мавзусида йиғилиш семинари ўтказилди.
Ушбу семинарда туман электр таъминоти корхонасининг ходимлари иштирок этишди.
Семинарда коррупцияга қарши курашиш бўйича Ш.Рашидов туман прокурори катта ёрдамчиси Аралов Отажон Худаярович, Ички ишлар бўлими катта терговчиси Пўлатов Диёр Бахтиёровичлар маъруза қилишдилар.

2017 йил 3 январда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
34 моддадан иборат ушбу ҳужжатда коррупция атамасига таърифдан тортиб, унга қарши курашиш, ваколатли органлар ва уларнинг вазифалари, коррупцияга қарши жавобгарлик, бу масалада халқаро ҳамкорлик каби барча муҳим жиҳатлар қайд этилган.
Лотинча «corruptio» сўзидан олинган бўлиб, «эврилиш», «бузилиш» деган маъноларни англатади.

Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш («Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун, 3-модда).
«Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради» (БМТнинг «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги Конвенциясидан).

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:

  •   Бош прокуратура;
  •   Давлат хавфсизлик хизмати;
  •   Ички ишлар вазирлиги;
  •   Адлия вазирлиги;
  • Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

ҚАНДАЙ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРНИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРАДИ?
биринчидан, инсоният ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган – демократия ва демократик институтларнинг мустаҳкамланишига салбий таъсир қилади, яъни уларга жиддий путур етказади.
иккинчидан, жамият тараққиёти учун энг муҳим омил – тинчлик, осойишталик, адолат, қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларнинг бузилишига олиб келади
ва кенг жамоатчиликда уларнинг мавжудлиги тўғрисидаги ишончни сўндиради.
учинчидан, бозор иқтисодиёти қонуниятларининг бузилиши, соғлом рақобатнинг бозордан сиқиб чиқарилиши, яширин иқтисоднинг пайдо бўлиши ва ривожланишига замин яратади.
тўртинчидан, жамиятда носоғлом ижтимоий-маънавий муҳитнинг шаклланишига сабаб бўлиб, демократик давлатнинг энг муҳим ҳуқуқий принципларининг бузилишига олиб келади. Ва бундай салбий оқибатларнинг яна қанчасини санаб ўтиш мумкин.

Коррупцияга қарши ҳар ким ҳар доим курашиши, бу иллатнинг жамиятга, тараққиётга ва хавфсизликка катта таҳдид эканини ҳар бир онгли инсон чуқур англаши лозим.

Тингловчилар томонидан берилган саволларга маърузачилар томонидан тушунтиришлар берилди.
Шу билан семинар ўз ишини якунлади.

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Матбуот хизмати

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Матбуот хизмати